Самарқанд вилояти Оқдарё тумани
Мактабгача таълим бўлими

МАКТАБГАЧА ТАЪЛИМ ТАШКИЛОТЛАРИДА ЁЗГИ СОҒЛОМЛАШТИРИШ МАВСУМИНИ ТАШКИЛ ЭТИШНИНГ АҲАМИЯТИ

Мамлакатимизда ёш авлодни ҳар жиҳатдан соғлом ва баркамол инсонлар этиб вояга етказиш, уларнинг таълим-тарбия  олишлари, истеъдодини юзага чиқариш, саломатлигини мустаҳкамлаш масаласига давлатимиз томонидан муҳим йўналиш  сифатида эътибор қаратилмоқда. Бу йил ҳам карантин бўлишига қарамай мактабгача таълим тизимида  болаларнинг дам олишини ташкил этиш ва соғломлаштириш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш, уларни амалга ошириш юзасидан тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Мактабгача таълим тизимида тарбияланувчиларнинг  ёзги таътилини намунали ўтказиш, уларнинг жисмоний ва ақлий салоҳиятларини ошириш,  вақтларини  мароқли ўтказиш, соғломлаштириш ва чиниқтириш ишларини ташкил этиш, таълим-тарбия жараёнини узлуксиз олиб бориш, шунингдек ёзги соғломлаштириш тадбирларини ташкил этиш вазифалари  белгилаб олинди.  Ёзги соғломлаштириш  машғулотлари  ҳар  йили  1-июндан  31- августгача  давом этиб,  махсус  мослаштирилган режа  асосида фаолият олиб борилади.  Бунда болалар кўп вақтини тоза ҳавода ўтказадиган тарзда яратилади.  Сайр вақтида болаларнинг ривожланиши  учун турли тадбирлар ташкил этилади.Чунки , ёз – болаларнинг  саломатлигини  мустаҳкамлаш ва жисмоний қобилиятларини ривожлантириш  учун энг яхши давр ҳисобланади. Ёзги соғломлаштириш машғулотларида болаларнинг соғлиги, бўш вақтларини  мазмунли ўтказиш  масалалари  режага киритилади. Режа асосида ташкил этилган чиниқтириш, соғломлаштириш, кўнгилочар тадбирлар болаларни жисмоний ва психик ривожланишида муҳим аҳамият касб этади.  Бу жараёнда барча педагоглар иштироқ этишлари лозим.  Ёзги машғулотлар болаларда теварак атрофга бўлган қизиқишларни, ўз ишларидан ва табиатдан завқланиш, уларнинг жисмоний ва ақлий салоҳиятларини ошириш  имконини  беради.

    Ҳозирги  синовли кунларда  мактабгача таълим тизимида  масофавий тизимда фаолият  олиб борилмоқда. Шу сабабли фарзандларимизнинг вақтларини  мароқли ўтказиш, соғломлаштириш ва чиниқтириш ишларини давом эттириш лозим. Ёзги соғломлаштириш тадбирларини самарали ўтказиш  мактабгача таълим ташкилотининг, тарбиячиларнинг  ўз вақтида ва пухта тайёргарлик кўришига боғлиқдир. Бу борада болалар  организмининг жисмонан соғлом бўлиши ва чиниқиши учун зарурий шароитларни яратиш  мақсадга мувофиқдир. Бунинг учун  тарбиячилар томонидан ота-оналарга тавсиялар онлайн тарзда бериб борилади.Тарбиячиларнинг асосий вазифалари болаларнинг мароқли хордиқга, ижодий фаолиятга, харакатга бўлган эхтиёжини қондиришдир.

    Ёзги соғломлаштириш даврида қуйидаги вазифалар  ҳал қилинади:

    Ушбу вазифалар  методик тавсияларга амал қилган ҳолда ташкил этилиши лозим.

  1. Тоза ҳавода бўлиш учун шарт-шароитларни яратиш, болаларнинг фаол харакатланишини таъминлаш.
  2. Болаларнинг бўш вақтларини ўтказиш жараёнларида мусиқий қобилиятларини ривожлантириш.
  3. Болаларда табиатга аҳлоқий муносабатни, меҳнатсеварликни ривожлантириш.
  4. Табиат ҳодисаларини, жонли ва жонсиз табиат объектларини кузатиш жараёнида болаларда ҳиссий идрокни шакллантириш.
  5. Болалар учун хавфсиз, ривожлантирувчи ва соғломлаштирувчи муҳитни яратиш.
  6. Жарохатланишнинг олдини олиш.
  7. Болаларнинг жисмоний ва ақлий қобилиятларини ривожлантириш, ижобий ҳиссий ҳолатини шакллантиришга ҳисса қўшиш орқали болалар саломатлигини мустаҳкамлаш.                                                                                         
  8. Сайрни тўғри ташкил этиш, совуқ сув билан ювиниш, очиқ ҳавода енгил кийимда жисмоний машқлар билан шуғулланиш;

 9.Сув, ҳаво ва қуёш ванналарини ўтказиш.

Бизнинг ҳаётий ва касбий  тажрибамиз шуни кўрсатадики, сув - бола организмига ва руҳиятига  ижобий таъсир кўрсатади. Сувнинг гигиеник ва физик аҳамияти бебаҳодир. Инсон  организмининг физиологик жараёнлари ва қулай ҳаёт тарзи учун сувнинг аҳамияти каттадир. Сув ҳавзасида чўмилишни ташкил этишда болалар ёшига алоҳида аҳамият бериш лозим: кичик ва ўрта гуруҳларда 15-20 дақиқа, катта ва тайёрлов гуруҳларида  25 дақиқа. Болаларга сув ҳавзасида чўмилиш фақатгина шифокор-педиатрнинг рухсати билан амалга оширилади.

         Ҳаво ванналарини ўтказишда алоҳида қоида талаб этилмайди, имконият  даражасида очиқ ҳавода кўпроқ сайр қилиш тавсия этилади.

          Фақат қуёш ванналарини қабул қилишда эҳтиёт чораларини кўриш лозим. Бола қуёш ванналарини қабул қилишдан аввал бош кийим кийган ҳолда бўлиши ва қуёш остида узоқ қолмаслиги лозим. Қуёш ваннасини қабул қилиш давомийлиги  7-10 дақиқани ташкил этиши лозим.

  Болаларни ёзги  соғломлаштириш машғулотларида  ривожлантириш усулларидан  яна бири - Қум ўйинларидир.

       Болаларнинг ўзаро мулоқотлари қум майдончаларида содир бўлади. Ёзги  машғулотларни қум майдончаларида олиб борилиши кўпроқ таълимий-тарбиявий натижа беради. Қум билан ўйналадиган ўйинлар бошқа ўйинларга нисбатан маълум бир мақсадга йўналтирилган ва барқарор бўлади. Айнан шунинг учун  қум билан ўйналадиган ўйинлардан коррекцион  ривожлантирувчи  ва таълимий ўйинлар сифатида фойдаланилади. 

Бундан ташқари  ёзги  мавсумда  ҳар-хил  мавзуларда  тадбирлар, спорт мусобақалари ташкил этилади.

          Кун тартибида  ташкил этиладиган спорт ва соғломлаштириш тадбирларининг мақсади — болаларнинг  вақтини  сермазмун  ўтказиш, уларнинг  ҳам  жисмоний, ҳам  руҳий жиҳатдан  ҳордиқ  чиқаришларини  таъминлаш  орқали  ҳар  томонлама  баркамол авлодни  вояга  етказишдан   иборатдир. Чунки, илк ёшдаги болаларнинг психологик ривожланишида жисмоний тарбия машқларининг аҳамияти жуда  каттадир.

         Мактабгача таълим ёшидаги болаларни жисмоний тарбиялашда таълимнинг системалилик ва изчиллиги  принципига  асосланиш,  ҳар бир боланинг  ёш хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда танлаш ва ўтказиш мақсадга  мувофиқ  бўлади. Бундай тадбир ва мусобақалар  болаларнинг    қадди-қоматини  тўғри шаклланишига, ясси оёқ бўлиб ўсишини олдини олишга, асосий ҳаракат малакаларини ривожланиши бўйича жисмоний таълим бериш, ўйинлар орқали миллий одатларни тарбиялашга, ҳаракат кўникмалари ва жисмоний сифатларини шакллантириш, гавдани тўғри тутиш, шахсий ва ижтимоий гигиеник малакаларини тарбиялаш,  кундалик машғулотда жисмоний машқлар билан шуғулланиш ва уларда кўникма ҳосил қилиш  каби хислатларни шакллантиради.

Бундай ёзги соғломлаштириш машғулотларини ташкил этиш келажагимиз эгаларини ақлан етук, жисмонан соғлом бўлиб вояга етишларига замин яратади.

 

Асророва Бахтигул  Аброровна

Оқдарё  туман мактабгача таълим бўлими мудири

 


Охирги ўзгариш вақти: 16/07/2021 14:16;   Кўрилганлиги: 120
 
Материал манзили: http://oqdaryomtb.uz/news/maktabgacha-talim-tashkilotlarida-yozgi-soglomlashtirish-mavsumini-tashkil-etishning-ahamiyati
Чоп этилган вақт: 25/01/2022 00:40