Самарқанд вилояти Оқдарё тумани
Мактабгача таълим бўлими

МАКТАБГАЧА ТАЪЛИМ ЁШИДАГИ БОЛАЛАРГА МАШҒУЛОТЛАРНИ ЎЙИНЛАР ОРҚАЛИ ОЛИБ БОРИШ.

Жамият тараққиётининг барча босқичларида инсон қалбини кичикликдан  бошлаб яхшилик, олийжаноблик, ватанпарварлик, инсонпарварлик, ақл-  идрокли бўлиш, одоб-ахлоқлилик, меҳнатсеварлик, ҳалоллик, поклик, хушсўзлилик, илмли бўлиш каби хислатлар билан бойитиш инсон камолотининг меъёри бўлиб келган

         Жамият тараққиётининг барча босқичларида инсон қалбини кичикликдан  бошлаб яхшилик, олийжаноблик, ватанпарварлик, инсонпарварлик, ақл-  идрокли бўлиш, одоб-ахлоқлилик, меҳнатсеварлик, ҳалоллик, поклик, хушсўзлилик, илмли бўлиш каби хислатлар билан бойитиш инсон камолотининг меъёри бўлиб келган. Шуни эътиборга олган тарбиячининг  диққат марказида таълим – тарбия  жараёнида кичкинтойнинг индивидуал ва ижтимоий-ҳиссий эҳтиёжларини қондириш назарда тутили¬ши лозим. Болаларга тарбиявий таъсир кўрсатишни тўғри ташкил этиш эса  машғулотларда  ўйинлар  орқали  амалга оширилса яхши натижаларга эришилади. Чунки ўйинлар ўзининг узоқ ўтмиши, бой тарихига  эга бўлган , аждодлардан авлодларга  мерос сифатида ўтиб келаётган, маънавий бойлигимиз, қадриятларимиздан саналиб, халқ педагогикасининг тарбия воситасидан бири ҳисобланади. Ўйин фаолияти бола ҳаётида, унинг жисмоний, руҳий, ақлий камолатга етишида муҳим воситалардан бири ҳисобланади. Ўйин орқали болаларда  тафаккур, тасаввур, хотира, диққат каби барча психик жараёнлар  ривожланади ва атроф - муҳит ҳақидаги билими янада кенгайиб боради. Мактабгача таълим ташкилотларида  ўтказиладиган машғулотлар ва ўйинлар учун танланган дидактик материаллар болада моторика (ҳаракат) ва сенсорика (сезги)ни ривожлантиришга йўналтирилган бўлсагина  кўзланган мақсадга эришилади.

         Болалар ўзларининг ўйин фаолиятларида илдам қадамлар билан   олға қараб бораётган сермазмун ҳаётимизнинг ҳамма томонларини акс эттиришга интиладилар. Ўйинлар орқали уларда ижтимоий фойдали, яъни юксак инсоний хислатларни тарбиялаш мумкин. Бундан ташкари, агарда биз болаларнинг ўйин  фаолиятларини ташқаридан кузатсак, ўйин жараёнида уларнинг барча шахсий хислатлари яққол намоён бўлишини кўрамиз. Шунинг учун болаларнинг ўйин фаолиятлари уларни индивидуал равишда ўрганиш учун жуда қулай воситадир.   Ўйин - болаларни таълим фаолиятига тайёрлайди. Мактабгача таълим ташкилотларида ўйин фаолиятидан тўғри ва унумли фойдаланиш, ҳар бир ўтказиладиган машғулотлар ва сайр фаолиятининг самарадорлигини ошириб боради. Ўйин фаолияти турли хил шаклда воқеабанд-ижроли, ҳаракатли, таълимий, мусиқий-таълимий каби йўналишда олиб борилади. Ўйин болалар учун қизиқарли, мазмунли бўлиши учун тарбиячи ўйин қоидаси билан яқиндан таниш бўлиши керак. Тарбиячи мактабгача ёшдаги болаларга ўйинларни ташкил қилар экан, қуйидаги талабларга эътибор бериши зарур:

1.Ўйиннинг мазмуни, таълимий ва тарбиявий аҳамиятга эга бўлиши;

2.Акс эттирилаётган нарсалар ҳақидаги тасаввурлар тўғри ва тўла бўлиши,

3.Ўйин ҳаракатлари  фаол  маълум  мақсадга  қаратилган, ижодий хусусиятга эга бўлиши керак.

Шунингдек, ҳамма   болаларнинг  қизиқишларини эътиборга   олган  ҳолда ўйинга раҳбарлик қилиш, ўйинчоқлар ва керакли материаллардан мақсадга мувофиқ  фойдаланиш  ва  бу билан болаларнинг ўйинда хайриҳох ва хурсанд бўлишларини таъминлаш лозимБола нима учун ўйнайди ? Албатта  ўз эҳтиёжини қондириш учун . Бола боғчага келган кунда  уларнинг ўйинлари фақат бир хил, оилавий турмушдаги  воқеаларни акс эттирса, машғулотларда олган билими, сайрга чиқиши, табиатни кузатиши натижасида ўйинларнинг турлари кўпайиб , янгилари  қўшилиб боради. Болалар ўйинларининг кўпайиб бориши уларнинг ёш хусусиятлари билан ҳам изоҳланади. Болалар ўсиб-улғайган сари уларнинг ўйинлари  хилма-хиллашиб бораверади.

        Мактабгача   ёшдаги  болаларнинг   барча    ўйинлари    ўзининг    мазмуни,      хусусияти ва  ташкил    этилишига    кўра   икки  катта  туркумга  бўлинади:

1.Ижодий  ўйинлар.  2. Қоидали ўйинлар.

        - Ижодий ўйинларни болаларнинг ўзлари ўйлаб топадилар. Унда олдиндан белгилаб қўйилган қоидалар бўлмайди.Қоидалар болалар томонидан ўйин жараёнида ўйлаб топилади.

        - Қоидали ўйинларнинг мазмуни ва қоидаси катталар томонидан белгиланади.      Ўйин давомида бу қоидаларга амал қилиниши шарт.

        Мактабгача таълим  ташкилотларида   ўтказиладиган   ижодий ўйинларда болаларнинг теварак-атрофдан олган таассуротлари акс этади. Бу ўйинда боланинг эркинлиги, мустақиллиги, ташкилотчилиги ва ижодкорлик қобилиятлари тўла намоён бўлса, қоидали ўйинлар орқали болалар белгиланган қоидага амал қилиши кераклиги, белгиланган қоидалар кичкинтойларда масъулиятли, жамоада ҳамжиҳат ишлаш, атрофдагилар билан муросали  бўлишга ўргатади. Ўйин давомида қоидаларнинг тўғри бажарилиши “тўғри” ёки “нотўғри”,“ўйин қоидаси бузилди”, деган баҳолар билан белгиланади. Бу эса болаларни  ўйин вақтида ўз-ўзини назорат қилишга ўргатиб боради. Албатта, ҳар бир ўйин сўнгида натижа тарбиячи томонидан муҳокама қилиниши, қўйилган мақсад, қоида ва эришилган натижаларга эътибор қаратилиши керак. Ўйин сўнгида қатнашчиларни рағбатлантириш, фаол иштирокчиларни мақташ – келгуси ўйинларнинг самарали ўтишини таъминлайди.

          Ўйинлар болаларда дўстлик, ўртоқлик, бурч ҳисси, жамоатчилик каби сифатларни ҳам тарбиялайди. Ўйин давомида бола шахс сифатида шаклланиб боради. Олимларнинг олиб борган тадқиқотларига кўра, болалар ўйинларига ҳар томонлама тўғри раҳбарлик қилиш орқали уларга ўйиннинг мазмуни, ташкил этилиши, тузилиши, болалар ўртасидаги ахлоқий муносабатлар, ўйинларнинг ривожланиб, такомиллашиб боришига таъсирини кўриш мумкин. Ҳатто мактабгача ёшдаги болаларда нутқни ўстириш ва ижодий тафаккурни шакллантиришда  ҳам ўйинлар катта аҳамият касб этади,  ўйинлар орқали болалар тафаккури кенгаяди ва қизиқишлари ривожланади. Болалар ҳамиша  катталарга тақлид килишади. Уларнинг  қалбида касбга қизиқиш, фаоллик, ўзгалар меҳнатига ҳурмат, аҳил ва иноқлик, ширинсуханлик каби хислатлар  "Боғча", "Мактаб - мактаб" "Шифокор", "Сартарош", "Қурувчи", "Тикувчилар" каби касбга доир ўйинлар орқали шаклланиб бораётганлигини  кузатар эканмиз, тарихга назар ташласак, ота-боболаримиз азал-азалдан инсонни  жисмонан чиниқтирувчи, саломатликка ижобий  таъсир этувчи  ҳаракатли ўйинларга жиддий эътибор қаратишганини кўрамиз. Чунки ҳаракатли ўйинлар орқали  болаларда  эпчиллик, чаққонлик, диққатни бир жойга жамлаш, сезгирлик  ўзлигига ишонч руҳи шаклланиб боради. Бундай   ўйинларни ташкил этиш  болалар қалбида мусобақалашиш, рақобатлашиш ҳисларини   уйғотади. Тарбиячи  томонидан машғулотларда  ўйналадиган  ўйинлар боланинг мустақил, фаол, ижодкор бўлиб вояга етишига замин яратади.  Ўйинлар кўргазмалилик, оддийдан мураккабга ўтиш усуллари орқали олиб борилсагина  ўйин  давомида бола ҳаракати  фаоллашади, мустақил ҳаракат қилиш қобилияти  шаклланади, ўйиндан тўғри фойдаланилса боланинг тафаккури, нутқи, хотираси яъни, ақлий тарбиясига асос солинади. Ўйинлар орқали болалар эшитиш,кўриш, сезиш аъзолари орқали турли нарсалар ва уларни ясашда ишлатиладигин материалларнинг вазифаларини, уларни бир - бирига таққослашни, гуруҳларга ажратишни ўрганадилар. Боланинг машғулотлар жараёнида олган билими, тушунча ва тасаввурларини мустаҳкамлашда, чуқурлаштириш ва кенгайтиришда  ўйинларнинг ўрни  бениҳоядир.                                                                                                                                          

       Зеро, бола ўйнаб туриб, дунёни танийди. Бола ўйинда акс эттираётган нарсани тезроқ билиб олишга қизиқади ва уни хотирасида мустаҳкамлаб олади.Тарбиячи болалар ўйинига раҳбарлик қилар экан, бола шахсининг барча жиҳатларига,  онги, ҳис-туйғулари, иродаси, хулқига  ҳам эътибор бериши керак.  Шундагина  машғулотларда ўтилган  ўйинлар  ўз натижаларини беради. Тарбиячи  эса ўз олдига  қўйган мақсадига эришади.

          Оқдарё туман  мактабгача таълим  бўлим мудири               Асророва  Бахтигул Аброровна


Охирги ўзгариш вақти: 09/06/2020 09:00;   Кўрилганлиги: 208
 
Материал манзили: http://oqdaryomtb.uz/news/maktabgacha-talim-yoshidagi-bolalarga-mashgulotlarni-oyinlar-orqali-olib-borish
Чоп этилган вақт: 09/05/2021 13:56