Самарқанд вилояти Оқдарё тумани
Мактабгача таълим бўлими

ШУКРОНАЛИК ҲИССИ БИЛАН ЯШАЙЛИК.

Оқдарё туман мактабгача таълим бўлими мудири Б.Асророванинг ШУКРОНАЛИК ҲИССИ БИЛАН ЯШАЙЛИК номли мақоласи

Бугун  жонажон Ватанимиз  Ўзбекистонда бир канча бунёдкорлик ишлари  амалга оширилмоқда. Қайси соҳага қарамайлик Муҳтарам  юртбошимиз томонидан олиб  борилаётган  барча  ислоҳатлар замирида фақат бир мақсад, халқимизнинг фаровонлиги, тинчлиги, ободлиги баробарида   уларнинг илмли  бўлиши ва фаровон ҳаёт кечириши учун тун-у кун меҳнат қилинаётганлигига гувоҳ бўламиз. Бундай  ўзгаришларни кўриб, теварак-атрофга разм солар эканмиз, юртдошларимизнинг бахтли чеҳраларини,  яратиш ва яшнатиш иштиёқи билан бандлигини кўриб хурсанд бўламиз. Чунки, ҳақиқий ҳаёт  қувончи кишининг чеҳрасидан, кўзларидан  равшан кўриниб туради. Ватандошларимиз чеҳраларидаги  мамнунликни,  кўзларидаги масрурликни, тилларидаги  шукроналикни кўриб  юрагимиз ғурурга тўлади. Бунинг боиси, юртимизда  инсон ва унинг манфаатлари барча нарсадан устун эканлигидадир. 

           Муҳтарам юртбошимиз томонидан: “Бу – ҳаёт синовларида тобланган, сўзида қатъий турадиган, ишнинг кўзини биладиган, меҳнаткаш, мард ва матонатли халқимизнинг турмуш шароитини яхшилаш, халқимиз фаровонлигини ошириш доимо эътиборимиз марказида бўлади”- дея, халқ билан узлуксиз мулоқотда бўлиб, инсон манфаатлари учун хизмат қилиш, барча даражадаги раҳбарлар учун нафақат мажбурият, балки ҳаётий тамойилга айланиши шарт- дея қайта-қайта таъкидлаб, бу борада ўзи ибрат кўрсатиб келаётганлигини кўриб юрагимиз яна шукроналик ҳиссига тўлади. Зеро шукроналик- инсон зийнати, у инсон  ҳаётига янги - янги қувончлар олиб келади. Шукроналик шундай  сеҳрли кучга эгаки-  у инсонни яхши томонга  ўзгартиради.                                                 

          Юртимизда қийинчиликлардан қўрқмай, ўз куч-ғайратини жамият тараққиётига сарфлайдиганлар  кўпчиликни ташкил қилади. Мамлакатимиздаги   бугунги  ислоҳатлар:  амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, барпо этилаётган кўркам уй-жойлар,барча  шароитларига  эга таълим ва тиббиёт муассасалари, спорт масканлари, замонавий корхоналар, кенг ва равон йўллар, боғу- хиёбонлар, шаҳар ва қишлоқларимиз  бутунлай  бошқача қиёфага кириб, халқимиз фаровонлиги, ёшларимиз онги ва тафаккурининг юксалишига хизмат қилмоқда.

         Ҳозирги синовли кунларда ҳаммамиз  ўзимизни қўлга олиб, шукроналик туйғуси инсон ҳаёти фаровонлигидаги энг муҳим омил эканлигига амин бўлиб, ёшларимиз тарбиясига бефарқ бўлмаслигимиз даркор. Уларда аввало,  шукроналик туйғусини шакллантирмоғимиз  лозим.  Улар ўзларига қилинаётган эътиборни  қадрига етиб, Ватани равнақи учун, уларнинг нафақат жисмонан соғлом, балки маънан бой қилиб тарбияланиши учун қилинаётган саъй-ҳаратларни кўриб, бунинг қадрига етиб,  уларга берилаётган  имкониятлардан фойдаланиб, бунга жавобан Ватани олдидаги ўз ҳуқуқ ва мажбутиятларини адо этмоғи керак.

      Ёшларга   бўлган бундай эътибор уларнинг келажаги учун янада кўпроқ имкониятлар яратилишига замин бўлади. Улар  тинчликни қадрига етиш,  шукроналик билан яшамоқ олий неъмат, ҳамда улуғ саодат эканлигини ҳис қилади.                                                                                               

                  Оқдарё туман мактабгача таълим бўлими мудири                                     Асророва Бахтигул Аброровна

               


Киритилган вақти: 08/07/2020 12:35;   Кўрилганлиги: 182
 
Материал манзили: http://oqdaryomtb.uz/news/shukronalik-hissi-bilan-yashaylik
Чоп этилган вақт: 09/05/2021 13:33