Самарқанд вилояти Оқдарё тумани
Мактабгача таълим бўлими

ХОТИРА – МУҚАДДАС, ҚАДР – АЗИЗДИР

Биз азал-азалдан тинчликсевар халқмиз. Айнан шу ғоя тарғибига бағишланган буюк миллий маънавий меросимиз бор. Уларнинг барида тинчликнинг қадрига етиш тарғиб этилади, уруш эса батамом қораланади.           9 майни Хотира ва Қадрлаш куни тарзида умумхалқ байрами сифатида нишонлаб  келаётганимиз  замирида ҳам айнан ана шу эзгу мақсад ётибди.

           Халқ  хотираси  деганда киши кўз ўнгидан Ватан ибтидосидан бугунига  қадар шу  юрт, шу халқ  деб курашган, куч-қудрати, ақл-заковатини аямаган, керак бўлса, шу йўлда жон фидо қилган не-не буюк зотлар бирма-бир ўтади.

         Инсон  бор экан, хотира – муқаддас. Ҳеч ким, ҳеч нарса эсдан чиқмайди. Халқ бугунги тинч-хотиржам замонни асраб-авайлаш, қадрига етиш учун ҳам урушни, унинг қаҳрамонларини, ғалабага муносиб ҳисса қўшган ҳеч бир кишини хотирасидан фориғ қилмайди.

Муҳтарам  юртбошимизнинг  “Хотира ва Қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорида алоҳида таъкидланганидек: “Хотира – кечаги ўтмишни, аждодлар ўгитини, миллий меросимизни англатиб турувчи муқаддас китоб зарварақларидек ҳаётимизни ёритиб туради. Қадр – инсонни юксакликка кўтаради, унинг фаолиятига, орзу-интилишларига, мақсад-маслакларига олижаноблик бағишлайди”-деган сўзлари замирида олам-олам маъно ётибди.

         Ўтганларнинг хотираси олдида ҳурмат бажо келтириш, юртимизда меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик, инсонийлик, бағрикенглик ва хайр-саховат муҳитини янада мустаҳкамлаш, ёш авлодни миллий анъаналаримизга садоқат ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида камол топтириш ҳамда бу муқаддас айёмни юксак савияда нишонлаш мақсадида Оқдарё туманида ҳам Хотира ва Қадрлаш куни муносиб нишонланди . Жорий йилнинг  6-май куни туманимиздаги барча ташкилотлар туманимиз истироҳат боғида  ташкил этилган  Хотира майдонидаги  Мотамсаро она пойига гулчамбарлар қўйишди. Ушбу кунни муносиб  нишонлашдан кўзлаган бош мақсадимиз – Ватан ҳимоячиларини хотирлаш, орамиздаги фидойи инсонларнинг, тинчликнинг қадрига етиш, урушни қоралаш, тинч-осойишта  яшаётганимиз, турмуш фаровонлигини таъминлаш учун тер тўкиб, унумли меҳнат қилаётганимизнинг шукронасини қилиш, инсонни  яшашга, яратишга, элу -юртга садоқат ва қатъият билан хизмат қилишга ундаш ва бугунги тинч-хотиржам замонни асраб-авайлаб, тинчлигимизни қадрига етишдир.

                         Зеро  хотира  ҳамиша  муқаддас, қадр  азиздир.


Киритилган вақти: 07/05/2021 07:07;   Кўрилганлиги: 61
 
Материал манзили: http://oqdaryomtb.uz/news/xotira-muqaddas-qadr-azizdir
Чоп этилган вақт: 19/06/2021 09:48