Ota-onalarga
Ota-onalarga
Бир ҳафтага оилавий дам олишга кетмоқчиман. Ўша кунлари фарзандим боғчага бормайди. Боғчага борилмаган кун учун пул тўлашим шартми?
Ота-оналардан бирининг ишдан (ўқишдан) бўш вақти даврида ёки бошқа сабабларга кўра бола боғчага келмаган ҳолларда жорий ой учун тўланиши лозим бўлган тўлов миқдори у келмаган кунлар учун ҳисобланган тўлов суммасига камайтирилади.
Тўловни камайтириш учун ота-оналардан бири сабаби кўрсатилган ҳолда мактабгача таълим муассасаси раҳбарияти номига олдиндан ариза (билдиришнома) ёзиши шарт.
Бунда боланиннг бир йилда кўпи билан 60 кундан ортиқ бўлмаган муддатгача мактабгача таълим муассасасига келмаслигига рухсат берилади.
Демак, мактабгача таълим муассасасини олдиндан ёзма огоҳлантирилган бўлса, бола боғчага бормаган кунлар учун пул тўланмайди.
Тўлиқ маълумот ⬇️
http://www.lex.uz/docs/3019665
2018-2019 ўқув йилида Олий таълим муассасаларининг мактабгача таълим йўналиши махсус сиртқи, сиртқи ва кечки бўлимларига ўқишга қабул қилиш тартиби қандай?
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Олий таълим муассасасида сиртқи (махсус сиртқи) ва кечки (сменали) таълимни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида”ги қарорни чиқарди.
Ҳужжат билан қуйидагилар:
Олий таълим муассасасида сиртқи (махсус сиртқи) таълимни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;
Олий таълим муассасасида кечки (сменали) таълимни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ тасдиқланди.
Вазирликлар ва идоралар ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирадилар.
Олий таълим муассасасида сиртқи (махсус сиртқи) таълимни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, олий таълим муассасаларида сиртқи (махсус сиртқи) таълим Ўзбекистон Республикаси президентининг тегишли қарори билан тасдиқланган қабул квоталарига мувофиқ ташкил этилади.
Сиртқи (махсус сиртқи) таълим қуйидаги шаклларда олиб борилади: сиртқи шакл, махсус сиртқи шакл, иккинчи ва ундан кейинги олий маълумот беришнинг сиртқи шакли.
Сиртқи (махсус сиртқи) таълимга талабаларни қабул қилиш:
сиртқи шаклда - умумий ўрта (10-11-синфлар негизида), ўрта махсус, касб-ҳунар маълумоти тўғрисидаги тегишли ҳужжатга эга бўлган ва тест синовларидан (кириш имтиҳонларидан) муваффақиятли ўтган;
махсус сиртқи шаклда - фақат тегишли ёки турдош таълим йўналиши бўйича ўрта махсус, касб-ҳунар маълумотига ва таълим йўналишига мувофиқ соҳа, касб, лавозимларда камида уч йиллик амалий иш стажига (педагогика йўналишлари учун педагогик стажга) эга бўлган, тегишли вазирликлар ва идоралар томонидан берилган тавсияномага эга, тест синовларидан (кириш имтиҳонлари ёки касбий суҳбатдан) муваффақиятли ўтган;
иккинчи ва ундан кейинги олий маълумот беришнинг сиртқи шаклда - олий маълумотга эга бўлган (агар хорижий олий таълим муассасасини тугатган бўлса, олий маълумот тўғрисидаги ҳужжати белгиланган тартибда тан олинган (нострификация қилишган) бўлиши керак) ва тест синовларидан (кириш имтиҳонларидан ёки касбий суҳбатдан) муваффақиятли ўтган абитуриентлар ҳисобидан амалга оширилади.
Сиртқи (махсус сиртқи) таълимда ўқиш муддати:
сиртқи шаклда - камида 5 йил;
махсус сиртқи шаклда - камида 3 йил;
иккинчи ва ундан кейинги олий таълим негизидаги сиртқи шаклда - камида 3 йил.
Бунда, ўқиш ўқув режаларидаги фанлар фарқидан қатъи назар, бакалавриат таълим йўналишининг 2-курсидан бошланади.
Сиртқи (махсус сиртқи) таълим талабалари олий таълим муассасасининг барча ўқув жиҳозлари, аудиторияси, лабораторияси, кутубхонаси, ахборот-ресурс марказлари ҳамда ўқув-ёрдамчи тузилмалари хизматидан бепул фойдаланади.
Сиртқи (махсус сиртқи) таълимда ўқиш бўйича олий таълим йўналишларига қараб бир ўқитувчига тўғри келадиган талабалар сони нисбати 1:20 этиб белгиланади.
Сиртқи (махсус сиртқи) таълим талабаларини талабалар сафидан четлаштириш ва ўқишини қайта тиклаш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 20 июндаги 393-сон қарори билан тасдиқланган Олий таълим муассасалари талабалари ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тартиби тўғрисидаги низомга асосан амалга оширилади.
Сиртқи (махсус сиртқи) таълимдан кундузги таълимга ҳамда сиртқи (махсус сиртқи) таълимнинг бир таълим соҳасидан иккинчисига кўчиришга йўл қўйилмайди.
Сиртқи (махсус сиртқи) таълим талабаси учун ўқишга қабул қилинган ўқув йили бошида (одатда, сентябрь-октябрь ойларида) бевосита олий таълим муассасасида 10 кунлик ўқув жараёни билан дастлабки таништирув ҳамда семестр давомида ўқитиладиган фанлар бўйича қисқача (ишчи ўқув режасида белгиланган ҳажмда) маъруза, амалий, лаборатория ва семинар машғулотлари ўтказилади. Талабаларга мавзулар бўйича топшириқлар ва уларни бажариш юзасидан методик кўрсатмалар берилади.
Ўқув сессиясигача бўлган муддатда сиртқи (махсус сиртқи) таълимда ўқиш мустақил, жумладан, масофадан туриб таълим олиш шаклида амалга оширилади. Бунда талаба методик кўрсатмалардан фойдаланган ҳолда ишчи ўқув режада семестр учун режалаштирилган фанларнинг дастурларида белгиланган мавзуларни мустақил ўзлаштиради.
Талаба фан бўйича топшириқларни бажаргандан сўнг, уни фан ўқитувчисига белгиланган муддатларда (одатда, масофадан туриб Интернет орқали) юборади ҳамда қайддан ўтказади. Фан ўқитувчиси талаба юборган материалларни текшириб, оралиқ иши сифатида баҳолайди. Фан ўқитувчиси мавзулар бўйича навбатдаги топшириқлар ва кўрсатмаларни юбориши, шунингдек, онлайн режимида ўқув машғулотларини ўтказиши мумкин.
Сиртқи (махсус сиртқи) таълим талабаси ҳар бир семестр давомида бир марта олий таълим муассасасига ўқув сессиясига чақирилади. Бунинг учун унга ўқув сессияси бошланишига қадар (камида 10 кун олдин) белгиланган шаклда хабарнома юборилади.
Олий таълим муассасасида кечки (сменали) таълимни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, кечки (сменали) таълимда ўқиш муддати - камида 4,5 йил. Кечки (сменали) таълимда ўқиш бўйича олий таълим йўналишлари ва мутахассисликларига қараб бир ўқитувчига тўғри келадиган талабалар сони нисбати кундузги таълим билан бир хил нисбатда белгиланади.
Кечки (сменали) таълим талабаларини талабалар сафидан четлаштириш ва ўқишини қайта тиклаш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 20 июндаги 393-сон қарори билан тасдиқланган Олий таълим муассасалари талабалари ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тартиби тўғрисидаги низомга асосан амалга оширилади.
Кечки (сменали) таълимдан сиртқи (махсус сиртқи) таълимга ҳамда кечки (сменали) таълимнинг бир таълим соҳасидан иккинчисига кўчиришга йўл қўйилмайди,
Кечки (сменали) таълимда ўқиш (кундузги таълимдан фарқли равишда) бир ҳафтада, одатда, беш кун амалга оширилади ва ҳафталик ўқув соати ҳажми 20 академик соат қилиб белгиланади. Кечки (сменали) таълимда масофадан туриб ўқитиш талабаларнинг асосий иш жойидан ажралмаган ҳолда ўқув режасидаги барча фан дастурларида белгиланган билимларни мустақил масофадан туриб ўзлаштириш асосида амалга оширилиши мумкин.
Мактабгача таълим тизимида фаолият кўрсатаётган олий маълумотли номутахассис кадрларни қайта тайёрлаш қандай тартибда амалга оширилади?
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси 28.12.2017 йилдаги 1026-сонли «Педагог ходимларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолади. Қарорга асосан, мактабгача, умумий ўрта ҳамда мактабдан ташқари таълим муассасалари педагог ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш жараёнларини такомиллаштириш бўйича мувофиқлаштирувчи кенгаш ташкил қилинди.
Мазкур ҳужжат билан тасдиқланган олий таълим муассасалари ҳузуридаги халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий марказларининг намунавий тузилмасига мувофиқ, Самарқанд давлат университети қошида халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий маркази ташкил этилди.
Ушбу марказнинг мактабгача, умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим муассасаларининг педагог ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш курсларига тингловчилар қабул қилинади.
“Мактабгача таълим” йўналиши бўйича қайта тайёрлов курсининг ўқиш муддати 4 ой, бепул, Самарқанд вилояти ва вилоятга яқин ҳудудларда яшовчи, олий маълумотли, педагог, шунингдек педагоглик фаолиятини олиб бориш ҳуқуқига эга бўлган (бошқа олий таълим муассасаларининг касбий таълим йўналишини тугатган) ходимлар ўқишга таклиф қилинади. “Мактабгача таълим” йўналиши бўйича қайта тайёрлов курсини мувафффақиятли тугатган тингловчиларга бегиланган шаклда қайта тайёрлаш ҳақида диплом ва мактабгача таълим муассасалари тарбиячиси лавозимида ишлаш ҳуқуқи берилиши кафолатланади.
Келгусида узлуксиз таълим тизимининг муҳим бўғини бўлган мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштиришини, мактабгача таълим муассасалари давлат ва нодавлат тармоғини кенгайтирилишини ҳисобга олган ҳолда “Мактабгача таълим” йўналиши бўйича қайта тайёрлов курсини мувафффақиятли тугатган, мактабгача таълим муассасалари тарбиячиси лавозимида ишлаш ҳуқуқига эга бўлган педагог ходимларнинг ишга жойлашиш имконияти янада кенгаяди.
Oxirgi o‘zgarish: 26/08/2022 09:51; Ko‘rilganligi: 160
Chop etilgan vaqti: 10/06/2023 04:44